Иқтисод

Қашқадарёда учта ГЭСдан иборат каскад ишга туширилди

Қашқадарёда учта ГЭСдан иборат каскад ишга туширилди
Қашқадарёда учта ГЭСдан иборат каскад ишга туширилди / Фото: «Ўзбекгидроэнерго» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида Оқсув дарёсида умумий қуввати 24 МВт бўлган учта янги гидроэлектр станцияси ишга туширилди. Станциялар «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан қурилган бўлиб, улар вилоятнинг энергетика салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Инвестиция лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 августдаги 497-сон қарори ҳамда Президентнинг 2026 йил 1 майдаги «Гидроэнергетикани янада ривожлантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-163-сон қарори ижроси доирасида амалга оширилди.

Объектлар Оқсув дарёсининг гидроэнергетик салоҳиятидан оқилона фойдаланиш асосида қурилган бўлиб, вилоят энергетика инфратузилмасини мустаҳкамлайди.

Мажмуа таркибига нималар киради?

Янги гидроэнергетика мажмуаси 6,2 МВт қувватга эга Работ ГЭСи, 7,5 МВт қувватли Чаппасуй ГЭСи ва 10,3 МВт қувватли Тамшуш ГЭСини ўз ичига олади. Умумий қуввати 24 МВт бўлган учта станциядан иборат каскад дарё сувининг табиий энергиясини электр энергиясига айлантиради ва мамлакат энергетика тизимига қўшимча қувват беради.

ГЭСларнинг ишга туширилиши маҳаллий гидроэнергетика имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш ва энергия манбаларини диверсификация қилишда алоҳида аҳамиятга эга.

Иқтисодий ва экологик самара

ГЭСлар каскади йилига ўртача 105,1 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда. Бу ҳар йили қарийб 31,5 млн куб метр табиий газ ва 45–50 минг тонна кўмирни тежаш имконини беради. Лойиҳа анъанавий ёқилғига бўлган эҳтиёжни камайтириш, атмосферага зарарли моддалар чиқарилишини қисқартириш ва экологик барқарорликни оширишга ёрдам беради.

Оқсув дарёсидаги янги ГЭСлар йилига қарийб 44 мингта хонадонни электр энергияси билан таъминлаши мумкин.

Бундай лойиҳалар аҳоли ва иқтисодиётнинг электр энергиясига бўлган талабини қондириш, ҳудудларнинг энергетик барқарорлигини ошириш ҳамда «яшил» иқтисодиётга ўтиш жараёнини жадаллаштиришга хизмат қилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.