Ўзбекистон

Ўзбекистонда 40 та хусусий бандлик агентлиги қониқарсиз баҳоланди

Ўзбекистонда 40 та хусусий бандлик агентлиги қониқарсиз баҳоланди
Ўзбекистонда 40 та хусусий бандлик агентлиги қониқарсиз баҳоланди / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йилнинг III чораги якунларига кўра, Ўзбекистондаги 47 та хусусий бандлик агентлигидан 40 таси «қониқарсиз» тоифасига киритилди.

Яна учта агентлик «яхши», тўрттаси эса «қониқарли» баҳосини олди. «Намунали» тоифасидан бирорта ҳам компания жой олмади. Рейтинг натижалари 20 октябрда баҳолаш комиссияси томонидан тасдиқланган баённома билан маъқулланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги хабар берди.

Рейтингда Viza Master ва Horizon Work агентликлари 100 баллдан 79 балл тўплаб, етакчилик қилди. Учинчи ўринни 74 балл билан Getwork эгаллади. Ушбу учта компания «яхши» тоифасига киритилди.

Jobbridge 63 балл, SKD Man Power 56 балл, Dhaef Global ва Global HR эса 50 баллдан тўплаб, «қониқарли» баҳосини олди.

Қолган 40 та агентлик 49 балл ёки ундан кам натижа кўрсатди. Ўн учта компания 20 баллдан, ўн иккитаси эса 10 баллдан тўплади.

Иккита агентликнинг якуний натижаси манфий бўлди: Jobex минус 41 балл, Naimix эса минус 49 балл олди.

Хусусий бандлик агентликлари Миграция агентлиги директорининг 2025 йил 19 августдаги 116-сон буйруғи билан тасдиқланган низомга мувофиқ, ҳар чоракда 11 та кўрсаткич бўйича баҳоланади. Уларнинг еттитаси ижобий, тўрттаси эса салбий кўрсаткичлардан иборат.

Баҳолашда фуқароларни визали ва визасиз тартиб асосида кириш мумкин бўлган мамлакатларга ишга жойлаштириш натижалари, шунингдек, «Хорижда иш» платформасига маълумотларни киритиш ҳолати ҳисобга олинади. Бундан ташқари, фуқаролар ва хорижий ҳамкорлар билан тузилган шартномаларни электрон тизимда рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, фуқароларни хорижга чиқишга тайёрлаш, жумладан, уларни бориладиган мамлакат қонунчилиги ва у ерда бўлиш қоидалари билан таништириш ҳам баҳоланади.

Шунингдек, агентлик сўраган маълумотларни тақдим этиш, зарур маълумотлар жойлаштирилган расмий веб-сайтнинг мавжудлиги, фуқароларнинг шикоятлари ва белгиланган талабларга риоя этилиши ҳам инобатга олинади.

Ижобий кўрсаткичлар учун баллар қўшиш билан бирга, уларни камайтириш ҳам назарда тутилган. Агар агентлик фуқаролар билан тузилган шартномаларни электрон тизимда рўйхатдан ўтказмаса, ўз фаолиятидаги ўзгаришлар ҳақида ўз вақтида хабар бермаса, фуқароларни белгиланган тартибда хорижга чиқишга тайёрламаса ёки шикоятлар келиб тушса, унинг баллари камайтирилади.

90–100 балл тўплаган агентликлар «намунали», 70–89 балл олганлар «яхши», 50–69 балл тўплаганлар «қониқарли», 49 балл ва ундан кам натижа кўрсатганлар эса «қониқарсиз» тоифасига киритилади.

Миграция агентлиги таъкидлашича, рейтингнинг эълон қилиниши фуқароларга хусусий бандлик агентликлари фаолияти ҳақида қўшимча маълумот олиш, компанияларга эса ўз ишини белгиланган мезонлар асосида таҳлил қилиш имконини беради.

Шу билан бирга, рейтингдаги тоифа муайян ҳисобот давридаги кўрсаткичларни акс эттиради. У лицензия мақоми ҳисобланмайди, хизматлар сифатига кафолат бермайди ва бирор ташкилотни танлаш бўйича тавсия сифатида талқин қилинмаслиги керак.

Натижаларнинг ишончлилиги ёки асосланганлиги юзасидан шубҳа туғилса, улар махсус комиссия томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.