Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Франция парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Франция парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва Франция парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиради / Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Франция парламенти вакиллари билан парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Учрашув Танзаниянинг Аруша шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг 153-Ассамблеяси доирасида бўлиб ўтди.

Музокараларда Франция Сенати Раисининг ўринбосари Ксавье Иаковелли ва Франция Миллий ассамблеяси депутати Вероник Риоттон иштирок этди.

Томонлар икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқди.

Ҳамкорликка янада мунтазам ва амалий тус бериш мақсадида парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ўртасида учрашувлар ўтказиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Учрашувда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Франция томони тиббий хизматлар сифати ва улардан фойдаланиш имкониятини оширишга қаратилган ислоҳотлар фонида Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш ва соҳавий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Франция вакиллари Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси ташкил этилишини ҳам ижобий баҳолади.

Улар Ўзбекистонда парламентлараро мулоқот учун яратилган шароитлар ва иштирокчиларга кўрсатилган меҳмондўстликни алоҳида қайд этди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.