Технологиялар

Ўзбекистон ва KOICA ҳудудларда IT-таълимни ривожлантиришни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва KOICA ҳудудларда IT-таълимни ривожлантиришни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва KOICA ҳудудларда IT-таълимни ривожлантиришни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) мамлакат ҳудудларида IT-таълимни ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.

Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов 16–25 ноябрь кунлари Ўзбекистонда бўлган KOICA экспертлари делегацияси билан якуний учрашув ўтказди. Томонлар Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилоятидаги лойиҳа майдонларини дастлабки ўрганиш натижаларини кўриб чиқди.

Жумладан, экспертлар Нукус ва Қарши шаҳарларида ташкил этиладиган иккита IT-хаб ҳамда ҳудудлардаги 14 та рақамли таълим маркази учун ажратилган бино ва ер участкаларининг техник ҳолати ҳамда жойлашувини баҳолади.

Учрашув иштирокчилари мутахассисларнинг хоналарни тайёрлаш ва уларни замонавий стандартларга мувофиқ жиҳозлаш бўйича ҳисоботини муҳокама қилди.

Бундан ташқари, томонлар ишларнинг якуний режаси, лойиҳани амалга ошириш муддатлари ҳамда ёшларни халқаро стандартларга мос IT-таълимга жалб қилиш механизмларини келишиб олди. Битирувчиларнинг юқори маошли иш ўринларига жойлашишига кўмаклашиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

«Ўзбекистонда IT-таълим экотизимини такомиллаштириш орқали ёшларнинг бандлиги ва тадбиркорлик салоҳиятини ошириш» лойиҳаси 2026–2032 йилларга мўлжалланган.

Лойиҳани молиялаштириш Жанубий Корея ҳукумати томонидан ажратиладиган 14 миллион долларлик грант ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

Ташаббус ҳудудларда рақамли таълим инфратузилмасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшларнинг стартаплари ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.