Иқтисод

Ўзбекистонда янги уйлар харидорлари ҳимояси кучайтирилади

Ўзбекистонда янги уйлар харидорлари ҳимояси кучайтирилади
Ўзбекистонда янги уйлар харидорлари ҳимояси кучайтирилади / Фото: Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда қурилаётган уй-жойлардан хонадон сотиб олувчилар ўз маблағларининг ҳимояси бўйича қўшимча кафолатларга эга бўлиши мумкин.

Бу Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасида кўриб чиқилган улушли қурилиш тўғрисидаги қонунда назарда тутилган. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжат кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини қуриш учун фуқаролар ҳамда ташкилотларнинг маблағларини жалб қилиш қоидаларини белгилайди. Унинг асосий мақсади ҳали қурилиши тугалланмаган объектларга маблағ киритаётган улушдорларни шу билан боғлиқ хавф-хатарлардан ҳимоя қилишдан иборат.

Қонунга мувофиқ, қурилиш компаниялари харидорлар маблағларини фақат Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтганидан ва улушли иштирок этиш шартномасини тузганидан кейингина жалб қилиши мумкин бўлади. Бундай шартнома нотариус томонидан тасдиқланиши ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши шарт.

Харидорлар томонидан киритилган маблағлар ваколатли банклардаги махсус эскроу ҳисобварақларида сақланади. Қурилиш компанияси ушбу маблағлардан фақат объектни улушдорга топширганидан кейин фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу кўчмас мулк қурилиши даврида харидорлар маблағларини қурилиш компаниясининг ўз маблағларидан ажратиш имконини беради.

Эскроу ҳисобварақларига жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан ундирув қаратилиши мумкин бўлмайди. Ушбу маблағларга банк омонатларини ҳимоя қилиш кафолатлари ҳам татбиқ этилади.

Қонунда тайёр уй-жойни топшириш муддатлари ҳам белгиланган. Қуриб битказилган объектдан фойдаланишга рухсатнома олинганидан кейин қурилиш компанияси уни уч ойдан кечиктирмай улушдорларга топшириши шарт бўлади.

Бундан ташқари, биноларнинг конструктив элементлари учун кафолат муддати камида 10 йилни ташкил этиши керак.

Сенаторлар улушли қурилишни давлат томонидан тартибга солишни кучайтириш, шунингдек, кўчмас мулкка маблағ киритаётган фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Муҳокама давомида ушбу соҳада жамоатчилик назоратини ривожлантириш масаласи ҳам кўтарилди.

Мажлис якунлари бўйича қўмита тегишли қарор қабул қилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.