Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонлик чорвадорлар делегацияси Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бошчилигида Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси кўмагида Хитойнинг сутчилик соҳасидаги корхоналари технологиялари ва наслли чорва молларини етказиб бериш имкониятларини ўрганмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.
Нинся-Хуэй мухтор районининг Учжун шаҳрида фермерлар Wuzhong Dairy Industry Co., Ltd. компаниясига ташриф буюриб, чорвачиликда сунъий интеллект ва роботлаштирилган тизимлардан фойдаланиш билан танишди.
Компания маълумотларига кўра, унинг ишлаб чиқариш тизими 160 минг бош қорамолни қамраб олади. Корхона ва унга алоқадор хўжаликларда ҳар куни қарийб 3 минг тонна сут ишлаб чиқарилади. Ҳар бир соғин сигирдан ўртача кунлик сут соғими 40 литрни ташкил этади.
Ҳайвонларни озиқлантиришда ҳар бир бош учун алоҳида ҳисоб-китоблар қўлланилади. Ўртача бир бош қорамолга суткасига 50–55 килограмм озуқа сарфланади. Рацион ҳайвоннинг ҳолати ва маҳсулдорлигини ҳисобга олган ҳолда ўзгартириб борилади.
Фермада сунъий интеллект ёрдамида ҳар бир ҳайвоннинг соғлиғи, озиқланиши ва маҳсулдорлиги кузатиб борилади. Роботлар озуқа тарқатиш вазифасини бажаради. Ҳароратни бошқариш, сут соғиш, совитиш ва сутни сақлаш жараёнлари эса автоматлаштирилган.
Савдо-саноат палатаси маълумотига кўра, корхона фаолияти давлат томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланади. Бундай кўмак замонавий инфратузилмани яратиш ва технологик ечимларни жорий этиш имконини берган.
Ташриф давомида ўзбекистонлик фермерлар бундай технологияларни маҳаллий шароитда қўллаш, замонавий сутчилик мажмуаларини ташкил этиш ва рақамли бошқарув тизимларини жорий қилиш имкониятларини муҳокама қилди.
Делегация, шунингдек, Учжун шаҳрида жойлашган Ningxia Xingniu Rui International Trade Co., Ltd. компаниясига ҳам ташриф буюрди. Унинг вакиллари наслли қорамолларни кўпайтириш, юқори маҳсулдор зотларни парваришлаш ҳамда ҳайвонларни хорижий бозорларга экспорт қилиш имкониятлари ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистонлик тадбиркорлар компаниянинг наслли чорва маҳсулотлари, экспорт тажрибаси ва Ўзбекистонга қорамол етказиб бериш имкониятларига қизиқиш билдирди. Учрашув иштирокчилари савдо алоқаларини йўлга қўйиш, наслли чорва молларини етказиб бериш ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Палата маълумотларига кўра, делегациянинг Хитой бўйлаб сафари 21 ноябрга қадар давом этади.