Шошилинч
Иқтисод

Қашқадарёда 144 минг дона петарда ноқонуний айланмадан олинди

Қашқадарёда 144 минг дона петарда ноқонуний айланмадан олинди
Қашқадарёда 144 минг дона петарда ноқонуний айланмадан олинди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қашқадарё вилоятида умумий қиймати қарийб 50 миллион сўмлик 144 минг дона пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди. Бу ҳақда вилоят Божхона бошқармаси хабар берди.

Операция Божхона бошқармасининг контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан вилоят Ички ишлар бошқармаси ва Миллий гвардия вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилди.

Қарши шаҳрида юк машинаси — Mercedes автомобилдан юк қабул қилаётган Gentra автомобили кузатувга олинди. Ходимлар юкни топшириш жараёнида автомобилни тўхтатиб, холислар иштирокида ҳар икки транспорт воситасини кўздан кечирди.

Gentra автомобили салонида пиротехника маҳсулотлари солинган иккита картон қути аниқланди. Mercedes автомобилининг юкхонасида эса яна учта қути борлиги маълум бўлди.

Жами бешта қутида 144 минг дона пиротехника буюми бўлган. Уларнинг 86,4 минг донаси «Pitardes» номли маҳсулот, яна 57,6 минг донаси эса «Treniya» туридаги буюмлардан иборат.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аниқланган маҳсулотларнинг умумий қиймати 50 миллион сўмни ташкил этади.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан текширув олиб борилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.