Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Хитойнинг Beijing Daorong Energy Group компанияси билан қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров 17 ноябрь куни компания бош директори Чэнь Цзюньшунь бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида ҳудудда муқобил энергетикани ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. Хусусан, шамол энергиясидан фойдаланиш, гидроэлектр станцияларини қуриш ва геотермал энергетика салоҳиятини ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.
Хайрулло Бозоров вилоятда яшил энергетика соҳасида пилот лойиҳалар устида иш олиб борилаётганини таъкидлади.
Учрашув якунида иштирокчилар мавжуд имкониятларни ўрганиш, аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ва ўзаро манфаатли ташаббусларни амалий босқичга ўтказишга келишиб олдилар.