7
Иқтисод

Тошкент вилояти Япониянинг Noritsuisu компаниясига мебел ишлаб чиқаришни таклиф қилди

Тошкент вилояти Япониянинг Noritsuisu компаниясига мебел ишлаб чиқаришни таклиф қилди
Тошкент вилояти Япониянинг Noritsuisu компаниясига мебел ишлаб чиқаришни таклиф қилди / Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти Япониянинг Noritsuisu Co., Ltd. компаниясига Ангрен эркин иқтисодий зонасида креслоларни йиғиш ва пўлат конструкциялар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этишни таклиф қилди.

Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегация Япониядаги корхонага ташриф буюриб, унинг ишлаб чиқариш жараёнлари, технологиялари, шунингдек, маҳсулотларни лойиҳалаштириш ва тайёрлаш босқичлари билан танишди.

Компания президенти Сёго Аоки билан бўлиб ўтган учрашувда томонлар Тошкент вилоятида ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди.

Noritsuisu компанияси Японияда 1947 йилдан буён фаолият юритади. У пўлат каркасли стуллар ва офис мебелларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Компания офислар, конференция заллари, таълим ва тиббиёт муассасалари учун мебель, ўриндиқлар ҳамда тўсиқ конструкцияларини ишлаб чиқаради. Маҳсулотлар Noritsu Chairs бренди остида сотилади.

Компаниянинг бош қароргоҳи Айти префектурасининг Ятоми шаҳрида жойлашган.

Қўшма корхона ташкил этишдан ташқари, Ўзбекистон томони мамлакатимиздан технологлар ва муҳандислар учун компаниянинг Ятоми шаҳридаги заводида икки ҳафтадан тўрт ҳафтагача давом этадиган амалий стажировкаларни ташкил этишни ҳам таклиф қилди.

Ҳокимлик маълумотига кўра, ушбу ташаббусни амалга ошириш маҳаллий саноат ишлаб чиқаришини ривожлантириш ва ички бозорда замонавий мебель маҳсулотлари таклифини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.