Иқтисод

Қорақалпоғистонда 50 минг аҳолига мўлжалланган Nukus City қурилади

Қорақалпоғистонда 50 минг аҳолига мўлжалланган Nukus City қурилади
Қорақалпоғистонда 50 минг аҳолига мўлжалланган Nukus City қурилади / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қорақалпоғистонда 270 гектар майдонни эгаллайдиган ва 50 минг аҳолига мўлжалланган янги Nukus City турар жой мажмуасини қуриш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, ҳудудда дронлар ёрдамида яйловларни тиклаш билан шуғулланадиган алоҳида «Бўзатов агростар» компанияси ташкил этилади.

Ушбу чора-тадбирлар Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 5 ноябрдаги ПҚ-393-сон қарорида белгиланган бўлиб, ҳужжат Қорақалпоғистонда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштиришга қаратилган.

Ҳужжатга мувофиқ, 2027 йилда Қорақалпоғистоннинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 8 фоизга, саноат ишлаб чиқариши 7 фоизга, бозор хизматлари ҳажми 17 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 5 фоизга, қурилиш ишлари эса 13 фоизга ўсиши керак.

Шунингдек, экспорт ҳажмини 550 миллион долларга, умумий инвестициялар ҳажмини эса икки бараварга — 5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Биринчи босқичда кам даромадли 125 минг оиладан бўлган 513 минг нафар аҳолини юқори даромадли иш ўринларига жойлаштириш режалаштирилган.

Nukus City лойиҳаси Нукус шаҳрининг Ашшиқкўл ҳудудидаги Жолшилар маҳалласида амалга оширилади. Бош режани ишлаб чиқишда «Янги Тошкент» лойиҳаси тажрибаси ва хорижий ташкилотларнинг тавсияларидан фойдаланиш кўзда тутилган.

Лойиҳада замонавий архитектура ечимлари ва энергия тежовчи технологияларни қўллаш режалаштирилмоқда.

Янги мажмуа ҳудудида smart city концепцияси элементларига эга кўп қаватли турар жой бинолари, савдо ва бизнес марказлари, меҳмонхоналар, боғлар, яшил ҳудудлар, фавворалар, спорт майдончалари ҳамда ижтимоий инфратузилма объектлари қурилиши назарда тутилган.

Қарорнинг алоҳида йўналиши яйловларни тиклаш масаласига бағишланган. 2026 йил 15 ноябрдан бошлаб Қорақалпоғистонда Uzagrostar холдинг компанияси таъсисчилигида «Бўзатов агростар» компанияси ташкил этилади. Унинг муассиси «Халқ банки» АТ бўлади.

Компания чўл ва яйлов ўсимликлари уруғларини гранулалаш ва капсулалаш, шунингдек, уларни учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида экиш билан шуғулланади.

Ишларни ташкил этиш учун 10 та дрон, уларни ташишга мўлжалланган махсус автомобиллар ва иккита гранулятор сотиб олиш режалаштирилган. Компания ходимлари учувчисиз аппаратларни бошқариш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича махсус курсларда ўқитилади.

2030 йил охирига қадар дронлар ёрдамида чўл ва яйлов ўсимликлари уруғларини 100 минг гектар майдонга экиш кўзда тутилган.

Экиладиган ўсимликлар рўйхатига қандим, черкез, чоғон, балиқкўз, донашўр, шувоқ, изен ва чўл яйловлари шароитига мослашган бошқа ўсимликлар киритилган.

Қарорда қишлоқ хўжалиги ерларининг айрим ижарачиларига нисбатан қўллаб-қувватлаш чораси ҳам назарда тутилган. Ушбу имтиёз 2022 йил 1 январдан 2023 йил 15 апрелга қадар бўлган даврда Қорақалпоғистонда очиқ электрон савдолар орқали ижарага берилган ер участкаларига тааллуқли.

Қўшимча тўловларнинг умумий миқдори ер участкасининг норматив қийматидан камида тўрт баравар бўлган ижарачиларга ушбу суммани бир норматив қиймат миқдорида фоизлар ҳисобланмаган ҳолда уч йил давомида бўлиб тўлашга рухсат берилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.