Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Венгрия савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Бу масалалар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ва Венгриянинг мамлакатимиздаги элчиси Йожеф Рожа ўртасидаги учрашувда кўриб чиқилди.
Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, шунингдек, экспорт ва импорт қилинадиган маҳсулотлар турларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида дуал таълим, чорвачилик, паррандачилик, автомобилсозлик ва туризм қайд этилди. Шунингдек, меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилиш ва юк ташиш жараёнларини оптималлаштириш, жумладан, темир йўл хабларини ташкил этиш ҳамда блокли поездларнинг мунтазам қатновларини йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Венгрия томони қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий банк IT-тизимларини жорий этиш ҳамда Ўзбекистонда минтақавий IT-хаблар ташкил қилишга қизиқиш билдирди.
Бундан ташқари, маҳаллий компанияларнинг Европа Иттифоқи бозорига чиқиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Венгрия ҳудудида ўзбек логистика марказларини ташкил этиш имконияти ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Венгриянинг HEPA экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги билан биргаликда мамлакатнинг етакчи компанияларини New Uzbekistan: Crossroads of Global Markets халқаро форумида иштирок этишга жалб қилишга келишиб олди.
Шунингдек, 2027 йилнинг биринчи чорагида Венгрияда бизнес-форум ўтказиш режалаштирилмоқда.