Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» давлат кафолати остида жалб қилинган, умумий қиймати 1,1 млрд долларни ташкил этувчи кредитларни қайта молиялаштириш бўйича хорижий банклар билан музокаралар олиб бормоқда.
Компания бу орқали ўртача фоиз ставкасини 7,7 фоиздан 3,8 фоизгача туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Сухроб Ҳамраев 27 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Қайта молиялаштириладиган қарзларнинг умумий суммасидан 840 млн доллар Uzbekistan GTL корхонаси ҳиссасига тўғри келади. Қолган 260 млн доллар эса бевосита «Ўзбекнефтгаз» томонидан олинган кредитлардан иборат.
Шу билан бирга, компания аввал жалб қилинган молиялаштириш шартларини ҳам қайта кўриб чиқмоқда. 2026 йил 30 сентябрь ҳолатига кўра, гуруҳнинг кредит қарздорлиги йил бошидаги кўрсаткичга нисбатан 417 млн долларга камайган.
Жумладан, «Ўзбекнефтгаз» тўққизта банкдан олинган, умумий қиймати 384 млн доллар бўлган юқори фоизли 41 та кредит шартларини ўзгартирди. Натижада компания ушбу қарзларга хизмат кўрсатиш харажатларини камайтириб, фоиз тўловларидан тахминан 18 млн доллар тежади.
Агар илгари Ўзбекистоннинг тижорат банкларидан кредитлар ўртача йиллик 9,5–12 фоиз ставкада жалб қилинган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 7,4–7,5 фоизни ташкил этмоқда.
Компаниянинг қарз юки ҳам камаймоқда. Сухроб Ҳамраевнинг сўзларига кўра, 2025 йил бошида қарз юки коэффициенти 3,1 ни ташкил этган бўлса, дастлабки ҳисоб-китобларга мувофиқ, ҳозир у 2,2 гача пасайган.
2026 йилнинг январь–сентябрь ойлари якунларига кўра, «Ўзбекнефтгаз» ва унинг таркибидаги ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажми 42 трлн сўмга етди. Ишлаб чиқариш режаси 105,7 фоизга бажарилди, ўсиш суръати эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 фоизни ташкил этди.
Ҳисобот даврида маҳсулотлар экспорти 737 млн долларга етди. Бу режанинг 151 фоизига тенг. Инвестициялар ҳажми эса 790 млн долларни ёки режалаштирилган кўрсаткичнинг 101 фоизини ташкил қилди.
«Ўзбекнефтгаз»нинг соф фойдаси 2,9 трлн сўмга етди. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи 1,9 трлн сўм, Шўртан газ-кимё мажмуаси эса 1,1 трлн сўм соф фойда олди. Uzbekistan GTL корхонасининг соф фойдаси 3,1 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоизга ошди.
Тўққиз ой давомида гуруҳ давлат бюджетига 6,9 трлн сўм ўтказди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга кўп.
Компания, шунингдек, харажатларни оптималлаштириш орқали 1,9 трлн сўм тежалганини маълум қилди. Йиллик режа 2,3 трлн сўмни ташкил этади. Товар-моддий ресурсларни харид қилишдаги тежамкорлик 800 млрд сўмдан ошди.
Шу билан бирга, ходимлар сони оптималлаштирилганига қарамай, ҳисобот даврида амалдаги ходимларнинг иш ҳақи фонди 21 фоизга ошди. Компания бу ўсишни йил бошидан буён иш ҳақи икки марта оширилгани билан изоҳлади.