Ўзбекистон

Тошкент вилояти ҳокими Беларусьга ишчи ташриф билан борди

Тошкент вилояти ҳокими Беларусьга ишчи ташриф билан борди
Тошкент вилояти ҳокими Беларусьга ишчи ташриф билан борди / Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев бошчилигидаги делегация Беларусь Республикасида ишчи ташриф билан бўлиб турибди. Ташриф дастуридан икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган учрашувлар ҳамда музокаралар ўрин олган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Ташрифнинг дастлабки қисмида Зоир Мирзаев Беларусда меҳнат қилаётган ватандошлар билан учрашди. Суҳбат давомида ўзбекистонликларнинг меҳнат шароитлари, режалари ва уларни қизиқтирган масалалар муҳокама қилинди. Делегация, шунингдек, Беларусда ўзбекистонлик тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари билан танишди.

Шундан сўнг делегация Минск автомобиль заводига (МАЗ) ташриф буюриб, корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Бош директор Валерий Иванкович бошчилигидаги завод раҳбарияти билан учрашувда саноат кооперациясини ривожлантириш, махсус техника ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, жамоат транспорти паркини янгилаш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Вилоят ҳокими МАЗнинг Ўзбекистон бозоридаги фаолиятига алоҳида тўхталиб, Тошкент вилоятида янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини йўлга қўйиш ва мавжуд корхоналар қувватларидан фойдаланиш орқали ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилди.

Ҳокимлик маълумотларига кўра, Нурафшон шаҳридаги «Нурафшон махсус техника» корхонаси негизида МАЗ шассиларига коммунал ва махсус техникаларни йиғишни ташкил этиш мумкин. Чиқиндиларни ташувчи махсус автомобиллар, автоцистерналар ва кран-манипуляторлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.

Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши вилоят шаҳарларида жамоат транспорти ва юк автомобиллари паркини янгилашдан иборат. Вилоят томони ҳудудларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда автобуслар ва юк автомобилларини бир неча йиллик бўлиб тўлаш шарти билан ёки лизинг асосида етказиб бериш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди. Ҳокимлик баҳолашича, бундай ёндашув транспорт инфратузилмасини босқичма-босқич модернизация қилиш ва транспорт корхоналарининг молиявий юкини камайтириш имконини беради. Шунингдек, Тошкент вилоятида МАЗ техникасига хизмат кўрсатувчи сервис маркази ва эҳтиёт қисмлар омборини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.

Томонлар маҳаллий корхоналарда автомобиль рамалари учун деталлар ва турли металл буюмлар ишлаб чиқариш имкониятларини ҳам кўриб чиқди. Техник мутахассисларни тайёрлаш, муҳандислар ўртасида тажриба алмашиш ва кадрлар малакасини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Зоир Мирзаев таъкидлаганидек, МАЗ билан ҳамкорлик вилоят саноатини диверсификация қилиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, инвестицияларни жалб этиш ва қўшилган қиймати юқори маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун муҳим аҳамиятга эга.

МАЗ кўп йиллик тарихга эга бўлган йирик саноат корхоналаридан бири ҳисобланади. Завод оғир юк автомобиллари, автобуслар, троллейбуслар, коммунал ва махсус техникалар ишлаб чиқаради. Корхона маҳсулотлари орасида махсус ускуналар ўрнатиш учун мўлжалланган шассилар, замонавий автобуслар ва электр транспорт воситалари ҳам бор.

Ташриф доирасида Зоир Мирзаев Беларусь Бош вазири ўринбосари Виктор Каранкевич билан ҳам учрашди. У ҳукуматда саноат, энергетика, ўрмон хўжалиги ва илм-фан соҳаларига масъул ҳисобланади.

Виктор Каранкевич Тошкент вилояти делегациясини қутлаб, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги дўстона ва ишончли муносабатлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий шерикликни мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Учрашувда Тошкент вилоятининг иқтисодий салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда саноат кооперациясини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари асосий эътибор марказида бўлди. Томонлар инвестицияларни жалб қилиш ва тажриба алмашиш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Шунингдек, ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва янги ташаббусларни амалий натижалар билан мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.