Иқтисод

Жиззахдаги BYD заводи ишлаб чиқаришни йилига 500 мингта автомобилга етказмоқчи

Video

Жиззахдаги BYD заводи ишлаб чиқаришни йилига 500 мингта автомобилга етказмоқчи

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жиззахдаги BYD Uzbekistan Factory қўшма корхонаси лойиҳанинг иккинчи ва учинчи босқичлари доирасида автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 500 мингтага етказишни режалаштирмоқда. Ҳозирда завод соатига 12 та, кунига эса 100 та автомобиль ишлаб чиқаради. Компания йил охиригача 50 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишни мўлжаллаган. Бу ҳақда корхонада ташкил этилган пресс-тур якунлари бўйича «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берди.

Лойиҳанинг биринчи босқичи қиймати 160 миллион долларни ташкил этган бўлиб, унинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 50 мингта гибрид ва электромобилга мўлжалланган. Лойиҳа 2024 йил январь ойида Ўзбекистон Президентининг Хитойга ташрифи давомида ишга туширилган.

Қиймати 300 миллион доллар бўлган иккинчи босқичда ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 200 мингта автомобилга етказиш режалаштирилган. Қиймати 500 миллион долларлик учинчи босқич амалга оширилгач, йиллик қувват 500 мингтагача оширилади. Учала босқич тўлиқ якунлангандан сўнг иш ўринлари сони 10 мингтага етиши мумкин. Ҳозирда корхонада 1 500 дан ортиқ киши меҳнат қилмоқда.

Заводда BYD Song Plus Champion DM-i кроссовери ва BYD Chazor DM-i седани тўлиқ ишлаб чиқариш цикли асосида тайёрланади. BYD Yuan Up гибрид ва тўлиқ электр моделлари эса йирик узелли йиғиш усулида ишлаб чиқарилади.

BYD Uzbekistan Factory бош директори ўринбосари Шавкат Алимовнинг айтишича, завод эркин иқтисодий зона ҳудудидаги 27 гектар майдонни эгаллайди. Компания яна 60 гектар ер ажратилишини сўраган. Корхона унга туташ ҳудудда йилига 150 мингта автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга иккинчи завод қуришни режалаштирмоқда.

Кузовларни пайвандлаш цехига 40 миллион доллар инвестиция киритилган. Алимовнинг сўзларига кўра, биринчи босқичда цехда 40 та робот ўрнатилган бўлса, ҳозир уларнинг сони 100 тадан ошган. Ҳар бир автомобиль кузовига тахминан 5 мингта пайвандлаш нуқтаси қўйилади.

Ўтган йили қиймати 8 миллион доллардан ортиқ бўлган иккинчи пайвандлаш линияси ишга туширилди. Унда 24 та янги робот ўрнатилган. Бу йил Yuan Up лойиҳаси доирасида учинчи босқични кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда.

Майдони 7 800 квадрат метр бўлган бўяш цехи йилига 50 мингта кузовни бўяшга мўлжалланган. Унинг қиймати 29 миллион долларни ташкил этади. Цехда ABB компаниясининг 10 та роботи ишлайди.

Майдони 16 минг квадрат метр бўлган йиғиш линиясига 26 миллион доллар сарфланган. Унда 21 та автоматик транспорт воситаси — AGV, шунингдек, роботлар ва манипуляторлардан фойдаланилади. Икки қаватли автоматлаштирилган омборда бўялган 70 та кузовни сақлаш мумкин. Бўяш цехи тўхтаб қолган тақдирда, омбор йиғиш линиясини олти соат давомида узлуксиз таъминлай олади.

Ўлчаш лабораториясига 1 миллион доллар инвестиция киритилган. Лабораториянинг етакчи муҳандиси Абдулла Салимовнинг тушунтиришича, Hexagon ускуналари ҳар бир кузовни 20 микронгача аниқликда текширади. Song Plus моделида 2 300 та нуқта ўлчаниб, натижалар рақамли модель билан таққосланади.

Якуний назорат босқичида ғилдираклар геометрияси, тормозлар, фаралар ва ҳайдовчига ёрдам берувчи ADAS тизимлари текширилади. Бундан ташқари, автомобиль юқори босимда сув сепиладиган махсус ёмғир камерасида беш дақиқа синовдан ўтказилади.

Алимовнинг айтишича, ҳозирда маҳсулотлар асосан Қозоғистонга экспорт қилинмоқда. BYD ўтган йили ушбу мамлакатда автомобиллар савдосини бошлаб, расмий дилерлик марказларини очган. Бир йил давомида Қозоғистонда 3 мингдан ортиқ автомобиль сотилган, жорий йилда эса савдо ҳажми ўсмоқда.

Шунингдек, Тожикистон ва Қирғизистон билан ҳамкорлик бўйича ишлар олиб борилмоқда, Арманистон ва Грузия бозорлари ўрганилмоқда. Ўзбекистонда эса 27 та дилерлик, савдо ва сервис маркази фаолият юритади. Улар автомобилларга саккиз йиллик кафолат тақдим этади.

Автомобилларга ўзбек тилидаги интерфейс жорий қилинган, ўтган йилдан бошлаб ўзбек тилида овозли бошқарув имконияти ҳам қўшилган. Ҳар бир автомобилда SIM-карта ўрнатилган бўлиб, ундан икки йил давомида бепул фойдаланиш мумкин.

2026 йилда 100 турдаги бутловчи қисмни маҳаллийлаштириш режалаштирилган. Уларнинг 40 тури Song Plus, 22 тури Chazor ва биринчи босқичда 38 тури Yuan Up модели учун мўлжалланган.

Маҳаллийлаштириш натижасида ҳар бир Song Plus автомобили учун импорт харажатлари 714 долларга, Chazor учун 793 долларга, Yuan Up учун эса ўртача 2 минг долларга камайиши кутилмоқда. Бундан ташқари, жорий йилда Yuan Up учун яна 70 турдаги бутловчи қисмни маҳаллийлаштириш лойиҳалари бошланади.

Алимовнинг таъкидлашича, Song Plus моделида маҳаллийлаштириш даражаси тахминан 30 фоизни ташкил этади. Завод асосан Фарғона водийсида жойлашган 20 га яқин корхона билан ҳамкорлик қилади.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар шиша, ўриндиқлар, шифт қопламаси, пол қопламалари, олд бамперлар, пластик ёқилғи баклари ва симлар тўпламларини етказиб беради. Корхона энди шасси ва юриш қисмига тегишли мураккаброқ деталларни маҳаллийлаштиришга ўтмоқда.

Ангрендаги завод билан ҳамкорликда шиналар ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шунингдек, Асака ва Андижондаги корхоналар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бир нечта бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчиси Жиззах технопарки ҳудудида фаолият бошламоқда.

Завод учун мутахассислар Жиззах политехника институти қошидаги муҳандислик мактабида тайёрланмоқда. Институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори Мақсуд Очиловнинг айтишича, мактабга транспорт муҳандислиги, механика, машинасозлик, автомобилсозлик ва тракторсозлик йўналишларида таҳсил олаётган энг яхши талабалар танлаб олинади.

Учинчи курс талабалари икки ой институтда ўқийди ва кейинги икки ойни корхонада амалиёт ўташга сарфлайди. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб дуал таълимга тўртинчи курс талабаларининг 100 фоизи ва учинчи курс талабаларининг 50 фоизи жалб қилинган.

Ҳозирда институтнинг тўртинчи курсидан 160 нафар талаба BYD Uzbekistan Factory корхонасида ишламоқда. Улар ўқиш, амалиёт ва ҳақ тўланадиган ишни биргаликда олиб бормоқда.

Институт талабаси Ҳасан Худойқулов заводда ишлаш давомида курсдошлари билан биргаликда ўз лойиҳаларини жорий қилганини айтди. Уларнинг жамоаси «Мирзо Улуғбек ворислари» республика танловида ғолиб бўлган ва «Келажак муҳандислари» электромобиллар танлови финалига чиққан.

CarNewsChina маълумотларига кўра, BYD 2025 йилда жаҳон бўйича 4 602 436 та автомобиль сотган ва энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи бешта компания қаторига кирган.

2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида компания 3 131 576 та автомобиль сотган. Сентябрь ойида сотувлар 463 561 та автомобилни ташкил этган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17 фоиз ўсишни англатади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.