Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилоятида қиймати 200 млн доллар бўлган «Андижон-Корея лифт кластери»ни ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Лойиҳа доирасида замонавий лифтлар, эскалаторлар ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши кўзда тутилган. Бунда маҳаллийлаштириш даражаси камида 70 фоизни ташкил этиши белгиланган.
Ташаббусни амалга ошириш истиқболларини вилоят делегацияси Жанубий Кореянинг U&K Global Co., Ltd. ва MODEUN ELEVATOR CO., LTD. компаниялари вакиллари билан муҳокама қилди.
Лойиҳанинг асосий йўналишларидан бири ишлаб чиқариш жараёнларини маҳаллийлаштиришдан иборат бўлади. Режага кўра, зарур бутловчи қисмларнинг катта қисмини маҳаллий корхоналар ишлаб чиқариши мумкин. Бу саноат кооперациясини кенгайтириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар улушини ошириш имконини беради.
Учрашувда хорижий инвестицияларни жалб қилиш, бўлажак кластернинг ишлаб чиқариш имкониятлари ҳамда маҳаллий ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Лойиҳани амалга ошириш Андижон вилоятининг саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш, машинасозлик тармоғини ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган. Музокара иштирокчилари ҳамкорликнинг амалий босқичига ўтиш учун кейинги қадамларни муҳокама қилдилар.
Тақдим этилган маълумотларда қурилишни бошлаш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш муддатлари ва лойиҳани амалга оширишнинг бошқа параметрлари аниқлаштирилмаган.