Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент аҳолиси 2ГИС электрон харитаси ёрдамида уйига яқин жойлардан иш қидириш имкониятига эга бўлади.
Пойтахт ҳокимлиги ва «2ГИС» компанияси ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Ҳужжатга кўра, шаҳарнинг барча 585 та маҳалласидаги бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш режалаштирилган.
Лойиҳа яшаш жойига яқин ҳудудларда зарур хизматлар ва имкониятлардан фойдаланишни назарда тутувчи «15 дақиқалик шаҳар» концепцияси доирасида амалга оширилмоқда.
2gis.uz харитасида фойдаланувчилар долзарб вакансияларни топишлари, таклиф этилаётган иш ҳақи ва малака талаблари билан танишишлари, шунингдек, ўз имкониятлари ва хоҳишларини ҳисобга олган ҳолда мос иш ўринларини танлашлари мумкин бўлади.
Ушбу ташаббус иш қидириш жараёнини соддалаштириш, йўлга сарфланадиган вақт ва транспорт харажатларини камайтиришга қаратилган. Бу орқали аҳоли уйига яқин жойлардаги бўш иш ўринларини излаши ва ҳар куни иш жойига бориб-келиш билан боғлиқ харажатларни қисқартириши мумкин.
Пилот лойиҳа Тошкентнинг Чилонзор туманидаги барча маҳаллаларда аллақачон бошланган. 2gis.uz сайтида дастлабки амалдаги вакансиялар эълон қилинган.
Пойтахт ҳокимлиги шунга ўхшаш лойиҳаларни бошқа компаниялар билан ҳамкорликда амалга оширишга очиқ эканини маълум қилди.