7
Технологиялар

Стартаплар ва ОТМлар сунъий интеллект ресурсларидан бепул фойдаланади

Стартаплар ва ОТМлар сунъий интеллект ресурсларидан бепул фойдаланади
Стартаплар ва ОТМлар сунъий интеллект ресурсларидан бепул фойдаланади / Фото: IT Park Uzbekistan.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, стартаплар, шунингдек, ҳокимларнинг рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича маслаҳатчилари ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар учун Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмасидан бепул ёки имтиёзли шартларда фойдаланиш имконига эга бўлади. Тегишли низом 2026 йил 20 октябрдаги 581-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.

Катта тил моделлари технологиясидан фойдаланадиган лойиҳаларга дастурий интерфейс орқали олти ойгача бепул фойдаланиш имконияти берилади. Бунда бир календарь ой давомида 10 миллионтагача токенни қайта ишлаш мумкин бўлади.

Агар бир ой ичида белгиланган лимитдан ошилса, қўшимча 50 миллионтагача токен учун 50 фоизлик чегирма билан белгиланган тарифлар асосида тўлов амалга оширилади. Фойдаланилмаган токенлар кейинги ойларга ўтказилмайди.

Катта тил моделларига кирмайдиган сунъий интеллект моделларини ўқитиш, тестдан ўтказиш, валидация қилиш, баҳолаш ва инференс жараёнлари учун фойдаланувчининг аризаси асосида олти ойгача бўлган муддатга кўпи билан 120 ГБ видеохотира ажратилади.

Имтиёзли фойдаланиш имконияти бериладиган лойиҳалар танлов асосида сараланади. Танлов йилига икки марта — июль ва ноябрь ойларида ўтказилади. Аризалар 100 баллик тизим асосида баҳоланади.

Танлов натижаларига рози бўлмаган иштирокчилар натижалар эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида апелляция комиссиясига электрон шаклда шикоят юбориши мумкин. Шикоят беш иш куни ичида кўриб чиқилади.

Бир фойдаланувчи бир вақтнинг ўзида биттадан ортиқ лойиҳани амалга ошира олмайди.

Фойдаланувчиларга олинган маълумотларни низомда назарда тутилмаган мақсадларда қайта ишлаш, уларни учинчи шахсларга бериш, нусхалаш, тарқатиш ёки тижорат мақсадларида ишлатиш тақиқланади. Қонунчиликда ёки шартномада бошқача қоида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.