Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 13 октябрь куни «Inno» инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркида First Global Challenge — 2026 халқаро робототехника мусобақаси ғолиблари ва уларнинг мураббийларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Шу куни Ўзбекистон Президенти «Робототехника бўйича халқаро мусобақа ғолиблари ва уларнинг мураббийларини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.
Ғолиблар ва мураббийларга мукофотларни Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — олий таълим, фан ва инновациялар вазири Эркинжон Турдимов, рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Садуллаев топширди.
Маросимда сўзга чиққан Эркинжон Турдимов ёшларнинг илм-фан ва технологиялар соҳасидаги ютуқлари мамлакат келажаги учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
«Бу эътироф мамлакатимизда билим олишга интиладиган ва янги нарсаларни яратишга қодир ҳар бир ёшга билдирилган катта ишончдир. Сиз яратадиган технологиялар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, сув ва энергияни тежаш, одамлар ҳаётини енгиллаштиришга хизмат қилишига ишонаман», — деди у.
Мукофотлар Ўзбекистон терма жамоасининг Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида 7–10 октябрь кунлари ўтказилган мусобақадаги иштироки учун топширилди. Жамоа учта олтин медални қўлга киритди, 16 та ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди ва 637 балл тўплаб, мусобақа рекордини ўрнатди.
Мусобақада қарийб 190 та мамлакатдан келган ёшлар жамоалари иштирок этди.
Ўзбекистон терма жамоаси олтин медаллардан бирини биринчи альянс таркибида қўлга киритди. Ушбу альянсга Ўзбекистон, Венесуэла, Сальвадор ва Молдова жамоалари кирган. Альянс финалда ғалаба қозониб, Winning Alliance мақомига эга бўлди.
Жамоа яна бир олтин медални мусобақадаги энг юқори натижа учун қўлга киритди. Бунинг учун у FIRST Global Grand Challenge Award бош мукофоти билан тақдирланди.
First Global — ёшлар ўртасида STEM йўналишларини, яъни фан, технология, муҳандислик ва математикани оммалаштиришга қаратилган халқаро ташаббус.
Ташкилот америкалик ихтирочи, DEKA илмий-тадқиқот компанияси президенти ва Segway қурилмаси муаллифи Дин Кемен асос солган FIRST ҳаракати билан боғлиқ.
2026 йилда иштирокчилар «Инновацияларни ёқиш» шиори остида беллашдилар.
Улар ўрмон ёнғинларининг олдини олиш, уларнинг оқибатларини камайтириш ва зарар кўрган ҳудудларни тиклаш билан боғлиқ глобал муаммоларга асосланган робототехника вазифаларини бажардилар.