Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия ва Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасида космик соҳада ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишув имзолади.
Ҳужжат Анталияда 77-Халқаро астронавтика конгресси доирасида имзоланди. Тадбирда Uzcosmos агентлиги директори Шуҳрат Қодиров иштирок этди.
Томонлар «Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳамкорлик салоҳиятини ривожлантириш бўйича космик саноат соҳасидаги дастлабки доиравий шартнома»ни туздилар.
Келишув ТДТ давлатлари ўртасида космик соҳанинг қатор йўналишларида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган. Улар қаторига космик технологияларни ривожлантириш, сунъий йўлдошларни ишлаб чиқиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, саноат кооперацияси, шунингдек, касбий ва технологик салоҳиятни ошириш киради.
Ҳужжатнинг имзоланиши туркий давлатларнинг космик соҳадаги ҳамкорлиги учун институционал асосни шакллантириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.