Иқтисод

Ўзбекистон ва Латвия логистика ва янги лойиҳаларни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Латвия логистика ва янги лойиҳаларни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Латвия логистика ва янги лойиҳаларни муҳокама қилди / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида бизнес-миссия доирасида мамлакатга келган латвиялик тадбиркорлар делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар 8 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон – Латвия бизнес-форуми арафасида ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.

Латвия делегацияси таркибидан транспорт-логистика соҳаси, қишлоқ хўжалиги, инвестициялар, кимё саноати, замонавий технологиялар, сертификатлаштириш ва яшил энергетика йўналишлари вакиллари ўрин олди.

Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири Рига Эркин порти базасида Ўзбекистон – Латвия логистика хабини ташкил этиш бўлди. Томонлар, шунингдек, икки мамлакат экспортёрлари ва импортёрларини бирлаштириш ҳамда учинчи давлатлар бозорларига биргаликда чиқиш имкониятларини муҳокама қилди.

Музокараларнинг алоҳида йўналишини аграр соҳадаги лойиҳалар ташкил этди. Иштирокчилар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, мева ва резаворларни етиштириш ҳамда музлатиш, иссиқхона мажмуаларини қуриш, биогаз ва органик ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқди.

Сертификатлаштириш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилди. Латвия томони 115 йилдан ортиқ тарихга эга маҳаллий сертификатлаштириш ва синов маркази билан ҳамкорлик қилиш имкониятларини тақдим этди. Потенциал ҳамкорлик доирасида қўшма корхона ташкил этиш ёки филиал очиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Латвиялик тадбиркорларга «GSP+» тизими доирасида Европа бозорига чиқиш имкониятлари ҳам тақдим этилди. Бундан ташқари, томонлар стартаплар, венчур инвестициялар ва ахборот технологиялари соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Учрашув якунида сертификатлаштириш масалаларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистон тадбиркорлари иштирокида онлайн учрашув ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Томонлар, шунингдек, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича доимий мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.

Икки томонлама ишбилармонлик ҳамкорлигининг навбатдаги босқичи 8 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтадиган бизнес-форум бўлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.