Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтегаз» АЖ ва Хитойнинг Ximile компанияси қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, компрессор ускуналарини етказиб бериш ҳамда ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтегаз» АЖ ахборот хизмати хабар берди.
Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири Муборак ва Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари объектлари учун қудуқ усти компрессор станцияларини етказиб бериш лойиҳаси бўлди.
Жорий йил апрель ойида тузилган шартномага мувофиқ, Ximile 12 та қудуқ усти компрессор станцияси учун 35 та поршенли компрессор агрегати тўпламини етказиб бериши керак.
Ҳозирга қадар 23 та компрессор ишлаб чиқарилган бўлиб, уларнинг 17 таси синовдан ўтказилди. Яна 14 та агрегат буюртмачига жўнатилган. Биринчи компрессор «Зеварда» кони қурилиш майдонига етказилган.
Учрашув давомида томонлар қолган ускуналарни белгиланган муддатларга мувофиқ ишлаб чиқариш ва етказиб бериш жараёнини тезлаштириш зарурлигини таъкидлади. Компрессор станцияларини ўз вақтида ишга тушириш табиий газ қазиб олиш ҳажмларини барқарор сақлашда муҳим омил сифатида кўрилмоқда.
Шунингдек, Ximile компаниясининг Ўзбекистонда ваколатхона ва сервис маркази очиш режалари ҳам алоҳида муҳокама қилинди. Бу ускуналарга доимий техник хизмат кўрсатишни таъминлаш, эҳтиёт қисмларни етказиб беришни тезлаштириш ва икки компания мутахассислари ўртасида тажриба алмашинувини кенгайтириш имконини бериши кутилмоқда.