Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 28–29 сентябрь кунлари Доҳада инвестициялар ва ташқи савдо вазири Лазиз Қудратов Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОТИИБ) раҳбарияти, Қатар ҳукумати, молия ва ишбилармон доиралари вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Музокаралар ОТИИБ Бошқарув кенгашининг 11-йиллик йиғилиши доирасида бўлиб ўтди.
ОТИИБ раҳбарияти билан учрашувларнинг асосий натижаларидан бири Ўзбекистон ва банк ўртасида ҳажми 5 миллиард доллар бўлган янгиланган Ҳамкорлик дастурининг имзоланиши бўлди.
Шунингдек, томонлар қиймати 300 миллион доллар бўлган электр узатиш тармоқларини модернизация қилиш лойиҳасини тайёрлаш учун грант битимини имзолади. Музокаралар давомида ОТИИБнинг Тошкентда ваколатхонасини очиш имконияти ҳамда истиқболли инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Қатар томони билан учрашувларда асосий эътибор Ўзбекистон маҳсулотлари экспортини кенгайтиришга қаратилди. Хусусан, Қатарнинг савдо тармоқларида ўзбек ишлаб чиқарувчилари шоурумларини очиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Қатарнинг етакчи компаниялари билан музокараларда саноат, логистика, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва молия соҳаларидаги истиқболли қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди.