Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзметкомбинат» Польшадаги Energo-PLUS компанияси билан энергетика ва саноатни автоматлаштириш соҳаларида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашувда корхонанинг энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Energo-PLUS вакиллари ўзларининг технологик ечимлари ва лойиҳаларини тақдим этдилар.
Томонлар электр подстанцияларини рақамлаштириш, гидроэнергетикани ривожлантириш, сувни кимёвий тозалаш тизимларини модернизация қилиш ҳамда саноат энергетика инфратузилмасини автоматлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашувда комбинатда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, кичик гидроэлектр станцияларини қуриш ва кўмирда ишлайдиган иссиқлик электр станциясини барпо этиш имкониятлари ҳам алоҳида кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида томонлар энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва корхонанинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олдилар.