Иқтисод

Ўзбекистон ва Иордания мева-сабзавотни қайта ишлаш корхонасини ташкил этишни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Иордания мева-сабзавотни қайта ишлаш корхонасини ташкил этишни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Иордания мева-сабзавотни қайта ишлаш корхонасини ташкил этишни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Иорданиянинг AFICO (Arma Agro-Food Industrial Complex) компанияси мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қўшма корхона ташкил этиш имкониятларини ўрганишга келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Вазирликнинг ишчи гуруҳи Ўзбекистон Президентининг Иорданияга ташрифига тайёргарлик доирасида Амман шаҳрида компания вакиллари билан музокаралар ўтказди.

Ташкил этилиши режалаштирилаётган корхона қуритилган ва музлатилган мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашиши кўзда тутилган.

Музокаралар давомида томонлар AFICO компаниясининг технологиялари ва тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, маҳсулотлар турини кенгайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Дастлабки босқичда қўшма корхона ташкил этиш имкониятларини ўрганиш режалаштирилган.

Лойиҳа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қўшилган қийматини ошириш, мавсумий ҳосилни самарали сақлаш ва қайта ишлаш, шунингдек, Ўзбекистон маҳсулотлари экспортини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.