Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев бошчилигидаги делегация Токиода Япониянинг Masui Holdings Co., Ltd. компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Томонлар тўқимачилик материалларини ишлаб чиқариш ва бўяш бўйича қўшма корхона ташкил этиш, шунингдек, маҳсулотларни Япония ва Хитойга экспорт қилиш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда компаниянинг ижрочи директори ва директорлар кенгаши раиси лавозимини эгаллаб турган Масуи Кейдзи иштирок этди.
Таклифлардан бири Masui Holdings тажрибасидан фойдаланган ҳолда Тошкент вилоятида махсус турдаги ип-калава ишлаб чиқариш ва шу каби маҳсулотлар тайёрлаш корхонасини ташкил этиш бўлди. Шунингдек, Япония технологиялари ва сифат стандартларини жорий этиш, маҳаллий хомашёдан фойдаланиш ҳамда экспорт имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар вилоятдаги тўқимачилик корхоналари мутахассислари учун Осака шаҳрида икки ҳафталик ўқув дастурини ташкил этиш имкониятини ҳам кўриб чиқди. Дастур Япония сифат стандартлари бўйича тайёргарликдан ўтиш, технологлар ва сифат назорати мутахассисларининг малакасини оширишни назарда тутади.
Бундан ташқари, япон мутахассислари иштирокида ҳудуддаги истиқболли тўқимачилик корхоналарида сифат аудитини ўтказиш масаласи муҳокама қилинди. Унинг натижаларига кўра, 2027 йилнинг биринчи чорагида Япония бозори учун маҳсулотларнинг икки-уч модели бўйича синов партияларини ишлаб чиқариш таклиф этилди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ташаббусларни амалга оширишда ташкилий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Жумладан, қўшма корхона учун ер майдони ажратиш, маҳаллий ҳамкор топиш, хомашё билан таъминлаш, мутахассисларни танлаш ва япон экспертларининг ташрифларини ташкил этишда кўмаклашиш режалаштирилган.
Masui Holdings тўқимачилик хомашёси ва маҳсулотларини импорт қилиш, қайта ишлаш ҳамда сотиш билан шуғулланади. Гуруҳ таркибига Япония ва Хитойдаги ишлаб чиқариш корхоналари киради. Тошкент шаҳрида ҳам гуруҳга тегишли MASUI TASHKENT компанияси фаолият юритади.