Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти Япониянинг Aichi Densen Co., Ltd. компанияси билан Ангрен эркин иқтисодий зонасида электр кабеллари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш имкониятини муҳокама қилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегациянинг Японияга ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Делегация вакиллари Нагоя шаҳрида жойлашган, электр симлари ва кабеллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона фаолияти билан танишди.
Компания мазкур соҳада қарийб бир асрлик тажрибага эга. Унинг маҳсулотлари Япониядаги қурилиш ташкилотлари ва электр энергетикаси корхоналарига етказиб берилади.
Музокаралар давомида томонлар электротехника саноатида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларини кўриб чиқди.
Хусусан, Ўзбекистон томони Ангрен эркин иқтисодий зонасида Япония технологияларидан фойдаланган ҳолда кабель маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этишни таклиф қилди.
Шунингдек, «Янги Тошкент» лойиҳаси учун маҳсулот етказиб бериш ва кейинчалик маҳаллийлаштирилган ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистонлик мутахассисларни компаниянинг Нагоя шаҳридаги заводида касбий тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳокимлик маълумотига кўра, ушбу ташаббусларни амалга ошириш Тошкент вилоятида кабель саноатини ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, маҳаллий хомашёдан фойдаланиш ва малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилиши мумкин.