7
Иқтисод

Тошкент вилояти ва Айти префектураси ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди

Тошкент вилояти ва Айти префектураси ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди
Тошкент вилояти ва Айти префектураси ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди / Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ва Япониянинг Айти префектураси минтақалараро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳамкорлик масалалари Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ва Айти префектураси губернатори Хидеаки Ому́ра ўртасида Японияда бўлиб ўтган учрашувда кўриб чиқилди.

Томонлар автомобилсозлик, электротехника, саноат ускуналари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорлик истиқболларига эътибор қаратди. Шунингдек, Япония компаниялари иштирокида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Инновациялар, рақамли технологиялар ва стартаплар ҳам алоҳида мавзу бўлди. Учрашув иштирокчилари префектурада фаолият юритаётган ихтисослаштирилган марказлар тажрибасини ўрганиш ва ишланмалар алмашинувини йўлга қўйишни таклиф қилди.

Таълим соҳасида Нагоя университети ва бошқа таълим муассасалари билан алоқаларни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди.

Япония компанияларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда муҳандислик, ахборот технологиялари ва касб-ҳунар таълими йўналишларида мутахассислар тайёрлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Ҳамкорликни тизимли ривожлантириш мақсадида 2027–2029 йилларга мўлжалланган қўшма «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва икки минтақа вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш таклиф этилди. Ушбу гуруҳ устувор инвестиция лойиҳаларини белгилаши керак.

Бундан ташқари, Ўзбекистон томони Айти префектурасининг ишбилармон доиралари иштирокида Тошкент вилоятида бизнес-форум ўтказиш ва Япония бизнес делегациясининг ташрифини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.