Ўзбекистон

Ўзбекистонда эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан берилади

Ўзбекистонда эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан берилади
Ўзбекистонда эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан берилади / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда эҳтиёжманд оилаларга 2026 йил 30 ноябрга қадар 1 млн сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.

Маблағлар фуқароларнинг ижтимоий ёки банк карталарига ўтказиб берилиши режалаштирилган.

Тўловларни тақдим этиш шартлари ва коммунал харажатларни қоплаш учун компенсациялар масаласи Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Telegram-каналида ташкил этилган овозли чат давомида муҳокама қилинди.

Бир марталик моддий ёрдам олиш ҳуқуқига Ижтимоий реестрга киритилган оилалар, шунингдек, ушбу реестрга киритилмаган бўлса-да, белгиланган муҳтожлик мезонларига жавоб берадиган айрим хонадонлар эга бўлади.

Иккинчи ҳолатда ёрдам ажратиш тўғрисида қарор қабул қилишда «маҳалла еттилиги»нинг хулосаси ҳамда оиланинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи инобатга олинади.

Бир марталик тўловдан ташқари, белгиланган мезонларга мос келадиган эҳтиёжманд хонадонлар учун электр энергияси ва табиий газ харажатларининг бир қисмини қоплаш бўйича компенсациялар ҳам назарда тутилган.

Давлат базавий меъёрдан ортиқ белгиланган истеъмол ҳажми учун тарифлар ўртасидаги фарқни қоплаб беради. Ушбу компенсацияларнинг амал қилиш муддати 2028 йил 1 апрелга қадар узайтирилган.

Газ таъминоти мавжуд бўлмаган ёки табиий газни етказиб беришда қийинчиликлар юзага келадиган ҳудудларда иситиш мавсуми учун электр энергияси истеъмолининг ойлик базавий меъёри 350 кВт·соат этиб белгиланган. Бундай ҳудудлар рўйхати белгиланган тартибда тасдиқланиши керак.

Шунингдек, ёқилғи харид қилиш харажатларини қоплаш учун ҳам компенсациялар ажратилади. Суюлтирилган газнинг ҳар бир харид қилинган килограмми учун 3 000 сўмдан тўланади, бироқ компенсация ойига кўпи билан 20 килограмм газ учун берилади.

Mycoal.uz платформаси орқали кўмир харид қилинганда эса бир тонна учун 300 000 сўм компенсация тўланади. Бундай ёрдамнинг йил давомидаги энг юқори миқдори 600 000 сўмни ташкил этади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида таъкидланишича, 1 млн сўмлик бир марталик тўлов ва коммунал харажатлар учун компенсациялар алоҳида қўллаб-қувватлаш чоралари ҳисобланади. Уларнинг ҳар бири учун ўз шартлари ва мезонлари белгиланган.

Қўшимча маълумот олиш учун фуқароларга яшаш жойидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига ёки ўз маҳалласидаги ижтимоий ходимларга мурожаат қилиш тавсия этилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.