Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —Ўзбекистонда фуқароларнинг шахсий маълумотлари аввал Safe Road номи билан танилган SAFE Service платформасидан сизиб чиққан бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар юзасидан қўшма текширув ўтказилмоқда. Бу ҳақда республика Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик маълумотларига кўра, ижтимоий тармоқларда шахсий маълумотлар сизиб чиқиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ушбу маълумотлар орасида AUTODOC МЧЖ томонидан ишлаб чиқиладиган ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватланадиган SAFE Service платформасига алоқадор маълумотлар ҳам бор.
Текширувда Давлат хавфсизлик хизмати ҳузуридаги Киберхавфсизлик маркази, Ички ишлар вазирлиги ва AUTODOC компанияси ходимлари иштирок этмоқда.
Мутахассислар тарқатилган хабарларнинг ҳаққонийлигини аниқлаш, маълумотларнинг келиб чиқиш манбалари ва уларнинг пайдо бўлиш ҳолатларини ўрганишни режалаштирган. Шунингдек, SAFE Service платформаси ёки бошқа тегишли ахборот тизимлари ва электрон платформалардан шахсий маълумотлар ҳақиқатан ҳам сизиб чиққан-чиқмагани текширилади.
Ички ишлар вазирлиги текширув якунлари бўйича қўшимча расмий маълумот тақдим этилишини билдирди. Агар тарқатилган маълумотлар тасдиқланмаса, вазирлик уларнинг пайдо бўлиш сабаблари ва тарқалиш манбалари ҳақида ҳам ахборот беради.