Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон парламенти делегацияси Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева бошчилигида Тожикистон раислигида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатларининг IV парламентлараро форумида иштирок этди.
«Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва фаровонлик йўлида бирлик» мавзусидаги форум минтақадаги мамлакатлар парламентлари раҳбарлари ва делегацияларини бирлаштирди.
Тадбирда сўзга чиққан Танзила Нарбаева Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича таклифларни илгари сурди. У сув ва энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Форум иштирокчилари минтақада ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлашда давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Шу муносабат билан эришилган келишувларни изчил амалга ошириш, умумий хавфсизлик таҳдидларига қарши курашиш ва қонунчилик соҳасидаги тажриба алмашинувини таъминлашда парламентларнинг ўрни алоҳида қайд этилди.
Минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари қаторида ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт йўлакларини ривожлантириш, минтақалараро алоқаларни кенгайтириш, сув ва энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда яшил иқтисодиётни ривожлантириш масалалари ҳам белгиланди.
Бундан ташқари, қонунчилик соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари, парламент назоратини кучайтириш, маҳаллий вакиллик органлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ҳамда минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича қўшма парламент муҳокамаларини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Форум якунида иштирокчилар Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш, яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш ва парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар.