Ўзбекистон

Фарғонада 105 нафар боланинг заҳарланиши иши бўйича суд ҳукми чиқарилди

Фарғонада 105 нафар боланинг заҳарланиши иши бўйича суд ҳукми чиқарилди
Фарғонада 105 нафар боланинг заҳарланиши иши бўйича суд ҳукми чиқарилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятининг Фурқат тумани жиноят ишлари бўйича суди 2026 йил февраль ойида давлат боғчаларида тарбияланаётган 105 нафар боланинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ иш бўйича Garden Catering Trade компаниясининг тўрт нафар ходимига нисбатан ҳукм чиқарди.

Компания раҳбари, технологи, директори ва бухгалтери санитария талабларини бузиш, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш каби турли жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Фарғона вилояти суд органларининг расмий баёнотида маълум қилинишича, ҳукм 2026 йил 21 сентябрда чиқарилган.

Суд етказилган зарар мавжудлиги тан олингани ва унинг қоплангани, судланувчиларнинг қилмишидан пушаймонлиги ҳамда илгари судланмаганини инобатга олди. Шунингдек, жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари даъво билдирмагани ҳам ҳисобга олинди.

Garden Catering Trade раҳбари Ш.Т.га 3 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси, технолог Р.А.га эса 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Директор И.Б. ва бухгалтер А.С.нинг ҳар бири уч йилдан ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. Илгари қамоқда сақланган Ш.Т. ва Р.А. суд залининг ўзида озодликка чиқарилди.

Суд баёнотида қайд этилишича, жазо тайинлашда муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш чораси қўлланилмаган. Бунга судланувчилар тадбиркорлик субъектлари вакиллари экани, кўриб чиқилаётган ҳолатларда эса қонунчиликда уларга нисбатан бундай жазо турини тайинлаш назарда тутилмагани асос қилиб кўрсатилган.

Хабар эълон қилинган вақтда суд ҳукми устидан шикоятлар келиб тушмаган. Бироқ биринчи инстанция суди қароридан норози бўлган тарафлар қонунда белгиланган тартибда апелляция ёки кассация шикояти бериш, шунингдек, протест киритиш ҳуқуқига эга.

Иш материалларига кўра, 2026 йил 20 февралда Garden Catering Trade Фарғонадаги давлат боғчаларига гўштли дўлма етказиб берган. Ушбу таомни истеъмол қилганидан кейинги куни 105 нафар болада овқатдан заҳарланиш билан боғлиқ ўткир диарея касаллиги аниқланган.

Фарғона вилояти санитария-эпидемиология бошқармаси ўтказган текширувда Фарғонадаги олтита боғчадан олинган дўлма намуналарида Salmonella enteritidis ва Staphylococcus aureus қўзғатувчилари аниқланган. Компания ошхонасидан олинган 316 та ювинди намунасининг 80 тасида ичак таёқчаси гуруҳига мансуб бактериялар, 10 тасида эса Staphylococcus aureus мавжудлиги қайд этилган.

Бундан ташқари, компания омборига келтирилган 11 461 килограмм ош тузи, 1 528 килограмм бодринг ва 9 050 килограмм ун сифатсиз деб топилиб, фойдаланишдан чиқарилган.

Суд компания тайёр таомларни сақлаш талабларига риоя қилмаганини аниқлади. Талабларга кўра, тайёр таомларнинг плита устида туриш вақти икки соатдан ошмаслиги, уларни қайтадан иситишга эса йўл қўйилмаслиги керак эди. Шунга қарамай, 20 февраль куни боғчаларга сифатсиз гўштли дўлма етказиб берилган.

Санитария қоидаларини бузишдан ташқари, компания ходимларига маблағларни талон-торож қилиш, ўзлаштириш ва растрата, шунингдек, ҳужжатларни қалбакилаштириш айбловлари ҳам қўйилган. Суд материалларига кўра, мансабдор шахслар бюджет тўловларини олиш учун кунлик менюларда болалар сонини сунъий равишда ошириб кўрсатган ва сохта ҳисоботлар тақдим этган.

Жумладан, тергов давомида 330,8 миллион сўмни ўзлаштириш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган. Шунингдек, болаларни сариёғ ва гўшт билан тўлиқ таъминлаганлик ҳақида расмийлаштирилган ҳужжатлар бўйича умумий қиймати қарийб 263 миллион сўмлик ҳолатлар қайд этилган. Иш материалларида электр энергиясини талон-торож қилиш ва Қувасой электр таъминоти корхонасига зарар етказиш ҳолатлари ҳам келтирилган.

Айрим эпизодлар 2025 йил июль ва август ойларида боғчаларга маҳсулот етказиб бериш билан боғлиқ бўлган. Суд маълумотларига кўра, ҳисоботларга асоссиз устамалар ва амалда истеъмолга яроқсиз деб топилиб, компанияга қайтарилган маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақидаги маълумотлар киритилган.

Garden Catering Trade Фарғона шаҳри, Марғилон, Қувасой, Фарғона ва Қува туманларидаги жами 238 та давлат боғчасига тайёр овқат етказиб бериш бўйича шартномалар тузган.

Компания фаолиятига аввалроқ ҳам боғчаларда овқатлантиришни ташкил этиш учун уни танлаш тартиби сабабли эътибор қаратилган эди. 2024 йил июль ойида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Қувасойдаги давлат боғчаларида кейтеринг тизимини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилган. Кейинчалик компания дастлабки беш ойлик давр учун тендер ва танлов ўтказилмасдан овқат етказиб бериш ҳуқуқини олган.

Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳудуддаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида овқатлантиришни ташкил этиш жараёнида қоидабузарликлар аниқлангани ҳақида хабар берган.

Агентлик маълумотига кўра, Garden Catering Trade компаниясини тўғридан-тўғри танлаш давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорининг талабларига зид бўлган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.