Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ёш тадбиркорларга тегишли ёки улар томонидан бошқариладиган микро, кичик ва ўрта корхоналарни молиялаштиришни кенгайтириш учун Ўзбекистоннинг Davr Bank’ига 25 млн долларгача кредит ажратади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати 29 октябрь куни хабар берди.
Молиялаштириш ЕТТБнинг Марказий Осиёда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида тақдим этилади. Дастур 35 ёшга тўлмаган тадбиркорларга тегишли ёки улар томонидан бошқариладиган корхоналарни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Кредит ўзбек сўмига боғланган синтетик молиялаштириш шаклида ёки АҚШ долларида берилади. Маблағларнинг камида 30 фоизи аёллар бошқарадиган микро, кичик ва ўрта корхоналарга йўналтирилади. Шунингдек, банк Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларидаги тадбиркорлик субъектларига кредит ажратишни кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Дастур мезонларига мос келадиган Davr Bank’нинг ёш мижозлари ЕТТБнинг «Кичик бизнес учун маслаҳатлар» ташаббуси доирасида таълим олиш, маслаҳат ёрдами ва бошқа молиявий бўлмаган хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўлади.
Лойиҳа ёш тадбиркорларнинг пойтахтдан ташқари ҳудудларда ҳам молиялаштириш имкониятларидан фойдаланишини кенгайтиришга қаратилган. Бундан ташқари, у Davr Bank’ка ушбу тоифадаги мижозларга хизмат кўрсатиш учун банк маҳсулотлари ва ички тизимларини такомиллаштиришни давом эттириш имконини беради.
Ҳукумат маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 26 фоиздан ортиғини 30 ёш ва ундан кичик ёшдагилар ташкил этади. ЕТТБ баҳосига кўра, техник ва рақамли кўникмаларга эга ушбу авлод учун янги иш ўринларини яратиш имкониятларини кенгайтириш банкнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
ЕТТБ Ўзбекистонда хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида фаолият юритади. Банк маълумотларига кўра, унинг мамлакатга киритган инвестицияларининг умумий ҳажми 219 та лойиҳа доирасида қарийб 7,3 млрд долларга етган.