Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ҳиндистондан келган сайёҳлар Ўзбекистонда UPI тизимини қўллаб-қувватлайдиган одатий мобил иловалар орқали миллий UZQR тизимининг QR-кодларини сканерлаб, харидлар учун тўлов қилишлари мумкин бўлади. Лойиҳани ишга тушириш бўйича амалий қадамлар HUMO ва NPCI International вакиллари томонидан Мумбайда бўлиб ўтган Global Fintech Fest 2026 анжуманида муҳокама қилинди. Бу ҳақда HUMO миллий тўлов тизими хабар берди.
Гап томонлар 2026 йил 27 августда имзолаган трансчегаравий QR-тўловлар тўғрисидаги келишувни амалга ошириш ҳақида бормоқда. UZQR — Ўзбекистоннинг ягона миллий QR-тўловлар тизими.
Ҳиндистон йўналиши HUMO’нинг бошқа халқаро QR-лойиҳаларини, жумладан, Alipay+ билан ҳамкорлигини тўлдиради. Ушбу ҳамкорлик халқаро электрон ҳамёнлар ва банк иловалари фойдаланувчиларига UZQR орқали Ўзбекистонда харидлар учун тўлов қилиш имконини беради.
HUMO маълумотларига кўра, бундай ечимларни ривожлантириш миллий тўлов инфратузилмасини глобал рақамли иқтисодиётга интеграция қилиш стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.
Халқаро ҳамкорлик нақд пулсиз тўлов имкониятларини кенгайтиради, хорижий меҳмонлар учун ҳисоб-китобларни соддалаштиради ва маҳаллий бизнесга қўшимча воситалар тақдим этади.