Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларидан ўтаётган тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларига хизмат кўрсатиш қоидалари ўзгартирилди. Киритилган тузатишлар уларнинг пул маблағларини бошқариш учун махсус ҳисобварақлар очишни назарда тутади.
Ҳужжат Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 20 октябрда 3420-3-сон билан рўйхатдан ўтказилди.
Янги қоидаларга кўра, тадбиркорга нисбатан санация, ташқи бошқарув ёки тугатиш тартиб-таомиллари жорий этилганда, банкда махсус ҳисобварақ очилади.
Бунда тадбиркорнинг асосий ва иккиламчи ҳисобварақлари бўйича чиқим операциялари тўхтатилади. Ушбу ҳисобварақлардаги қолдиқ маблағлар ҳамда кейинчалик келиб тушадиган пуллар махсус ҳисобвараққа ўтказилади.
Асосий ва иккиламчи ҳисобварақларга тақдим этилган тўлов ҳужжатлари, жумладан, инкассо топшириқномалари, шунингдек, операцияларни чеклаш тўғрисидаги қарорлар ижро этилмасдан, уларни юборган ташкилотлар ва органларга қайтарилади.
Махсус ҳисобварақдаги маблағларни фақат мижоз ёки суд бошқарувчисининг тўлов топшириқномаси асосида тасарруф этиш мумкин бўлади.
Ўзгаришлар фуқароларнинг ўз банк ҳисобварақлари ҳақида маълумот олиш имкониятларини ҳам кенгайтиради. Энди барча ҳисобварақлар тўғрисидаги маълумотларни исталган банкдан сўраб олиш мумкин бўлади. Илгари бунинг учун асосий ҳисобварақ очилган банкка мурожаат қилиш талаб этиларди.
Бундан ташқари, банк ҳисобварағини очишда хорижга чиқиш учун мўлжалланган биометрик паспортдан фойдаланишга рухсат берилади.
Пул маблағларини бошқаришнинг янги тартиби молиявий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорларнинг ҳисоб-китобларини тартибга солиш ва уларнинг тўлов қобилиятини тиклаш учун шароит яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.