Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева икки йил муддатга оғир касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича Глобал тармоқ раиси этиб тайинланди. Халқаро ташаббус ташкил этилгани Самарқандда Болалар фаровонлиги бўйича жаҳон саммити доирасида ўтказилган болалар саратонига бағишланган II халқаро конгрессда эълон қилинди. Бу ҳақда «Zamin» фонди матбуот хизмати хабар берди.
Янги тармоқ халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ҳамда оғир ва ҳаёт учун хавфли касалликларга, жумладан, онкологик касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида биринчи хонимлар ва давлат раҳбарларининг турмуш ўртоқларини бирлаштиради.
Ташаббусни АҚШдаги St. Jude болалар тадқиқот шифохонаси вице-президенти ва St. Jude Global дастури директори Карлос Родригес-Галиндо тақдим этди. Мирзиёеванинг тармоқ раиси лавозимига киришиш маросими конгресс доирасида бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Биринчи хоними тиббий ёрдамга муҳтож болалар муаммоларини ҳал этиш учун халқаро ҳамжамият, ҳукуматлар, олимлар ва гуманитар ташкилотларни кучларни бирлаштиришга чақирди.
«Касалликлар ва азоб-уқубатлар сиёсий чегаралар, миллат ёки даромад даражасини тан олмайди. Келинг, фаровон келажак йўлида бирлашайлик, токи бирорта ҳам бола ва бирорта ҳам оила ўз дарди билан ёлғиз қолмасин», — деди Мирзиёева.
Болалар саратонига бағишланган II халқаро конгресс «Соғайишдан ҳаёт сифатини яхшилашгача» шиори остида ўтказилди.
Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россия соғлиқни сақлаш органлари вакиллари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро болалар онкологлари жамияти, Европа онкологлар мактаби, хорижий университет клиникалари ва тиббиёт марказлари, шунингдек, илмий ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.
Глобал тармоқнинг ташкил этилиши оғир касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Мирзиёеванинг тармоқ раиси этиб тайинланиши Ўзбекистоннинг болалар онкологияси хизматини ривожлантириш ва болаларнинг сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътироф этилганини акс эттиради.