7
Ўзбекистон

Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси раҳбари билан учрашди

Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси раҳбари билан учрашди
Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси раҳбари билан учрашди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 81-сессияси Раиси, Бангладеш Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Халилур Раҳмонни қабул қилди.

Юқори мартабали меҳмон 21-22 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодлар барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” мавзусидаги Жаҳон саммитида иштирок этиш учун мамлакатимизга келди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Халилур Раҳмонни БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси Раиси этиб сайлангани билан самимий табриклаб, мазкур мақомда ташриф буюрган биринчи мамлакат Ўзбекистон эканини алоҳида қайд этди.

Ўз навбатида, Халилур Раҳмон Ўзбекистон Президентига БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг самимий саломини етказди.

Мулоқот чоғида БМТ ва унинг тузилмалари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 15 та резолюцияни қабул қилди, уларнинг иккитаси жорий йилда маъқулланди.

Ўзбекистон ташкилотнинг асосий органлари ва тузилмалари ишида фаол иштирок этмоқда. Бундан ташқари, мамлакатимиз 2035-2036 йиллар учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини илгари сурган.

Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш ҳамда тинчлик маданияти ва динлараро мулоқотни мустаҳкамлаш масалаларида конструктив ҳамкорликни янада ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани тасдиқланди.

Икки томонлама муносабатлар ҳақида сўз юритилар экан, Жанубий Осиёнинг жадал ривожланаётган давлатларидан бири Бангладеш билан кўп қиррали шерикликни янада кенгайтиришга тайёрлик билдирилди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.