7
Ўзбекистон

Тошкентда Formula 35 илмий фестивали бўлиб ўтади

Тошкентда Formula 35 илмий фестивали бўлиб ўтади
Тошкентда Formula 35 илмий фестивали бўлиб ўтади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 21 октябрь куни Тошкент Ботаника боғида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган Formula 35 илмий фестивали бўлиб ўтади.

Ташриф буюрувчиларни тўққизта интерактив илмий ҳудуд, тажрибалар ва маърифий ўйинлар кутиб турибди. Тадбир куни Ботаника боғига кириш бепул бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси матбуот хизмати хабар берди.

Фестивалдан кўзланган мақсад мактаб ўқувчиларининг фанга бўлган қизиқишини ошириш, уларни замонавий илмий йўналишлар, инновацион технологиялар ва амалий тадқиқот фаолияти билан таништиришдан иборат.

Дастурдан кимёвий тажрибалар, астрономик кузатувлар, мантиқий ва математик ўйинлар ўрин олган. Иштирокчилар, шунингдек, табиат, биологик олам ва инсон организмининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида кўпроқ маълумот олишлари мумкин.

Интерактив илмий майдончалардан ташқари, ташриф буюрувчиларни мультимедиали квестлар ва адабий викториналар ҳам кутиб турибди.

Илмий ҳудудлар икки вақт оралиғида, соат 10:00 дан 13:00 гача ва 14:00 дан 17:00 гача фаолият юритади. Якуний викториналар ва интерактив танловлар эса соат 17:00 дан 17:30 гача ўтказилиши режалаштирилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.