Ўзбекистон

Ўзбекистонда Амударёда сув оқими сақланаётгани маълум қилинди

Ўзбекистонда Амударёда сув оқими сақланаётгани маълум қилинди
Ўзбекистонда Амударёда сув оқими сақланаётгани маълум қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги Амударёнинг айрим қисмларида сув сарфи мавсумий равишда камайишига қарамай, дарёда сув оқими сақланаётганини маълум қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Амударё саёзлашиб бораётгани ҳақида тарқалган хабарлар муносабати билан баёнот берди.

Амударё Тожикистон ва Афғонистон тоғларидан бошланувчи Панж ва Вахш дарёларининг қўшилишидан ҳосил бўлади.

Кофарниҳон дарёси ҳам Амударёнинг йирик ирмоқларидан бири ҳисобланади.

Амударё ҳавзасининг юқори қисмида, Тожикистон ҳудудидаги Вахш дарёсида Норак сув омбори жойлашган.

2026 йил 9 октябрь ҳолатига кўра, сув омборига сув келиб тушиши секундига 408 куб метрни, сув чиқариш эса секундига 320 куб метрни ташкил этган. Сув омборидаги сув ҳажми 10 миллиард 540 миллион куб метрга етган.

Амударёнинг Ўзбекистон ҳудудига кириш қисмидаги сув сатҳини кузатиб борувчи Термиз гидрологик постида 9 октябрь куни сув сатҳи 239 сантиметрни ташкил этган. Бу 2025 йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 27 сантиметр юқори.

Шу билан бирга, Керки гидрологик постида сув сарфи секундига 499 куб метрни ташкил қилган. Бу бир йил аввалги кўрсаткичдан секундига 63 куб метрга кам.

Сув хўжалиги вазирлигида тушунтирилишича, сентябрь ва октябрь ойларида дарёларда сув сатҳи ва сарфининг пасайиши мавсумий гидрологик жараён ҳисобланади.

Вегетация мавсуми якунланганидан кейин сув омборларида навбатдаги мавсум эҳтиёжларини таъминлаш учун сув захиралари тўпланади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.