Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Рим шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасида Италиянинг Planet Farms компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Томонлар қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, сув ва ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имкониятларини муҳокама қилди.
Компания таклифларидан бири Ўзбекистонда замонавий Smart Greenhouse интеллектуал иссиқхоналар мажмуасини ташкил этишдан иборат бўлди. Лойиҳа, шунингдек, тайёр қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саралаш, қадоқлаш ва етказиб беришни қамраб олувчи ягона ишлаб чиқариш занжирини йўлга қўйишни назарда тутади.
Planet Farms томонидан тақдим этилган технологиялар сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ўғитлар сарфини камайтиришга йўналтирилган.
Компания маълумотига кўра, ушбу технологиялар пестицидлар ва гербицидлардан фойдаланмасдан, юқори сифатли маҳсулот етиштириш имконини беради.
Учрашув иштирокчилари ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш, маҳсулот етиштириш ва қадоқлаш жараёнларини ягона мажмуа доирасида бирлаштириш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.
Музокаралар якунида томонлар замонавий иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш, ишлаб чиқариш жараёнларини интеграциялаш ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш соҳасида ҳамкорликни давом эттиришга қизиқиш билдирди.