Иқтисод

Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари янги лойиҳаларни ишга туширишни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари янги лойиҳаларни ишга туширишни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари янги лойиҳаларни ишга туширишни муҳокама қилди / Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғонада Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг III йиғилиши доирасида икки мамлакат ҳудудлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув эришилган келишувлардан аниқ лойиҳаларни амалга оширишга ўтиш масаласига бағишланди.

Учрашувда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Красноярск ўлкаси губернатори Михаил Котюков, шунингдек, Ўзбекистон ва Россиянинг қатор ҳудудлари раҳбарлари иштирок этди.

Иштирокчилар ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма инвестициявий ва кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, Ҳудудлар кенгаши доирасидаги ҳамкорлик механизмлари самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Хайрулло Бозоров икки мамлакат ҳудудлари салмоқли иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятга эга эканини, шунингдек, ҳамкорлик тажрибаси шакллангани ва кўплаб келишувлар имзоланганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги босқичда асосий эътиборни нафақат ҳудудлар имкониятларини тақдим этишга, балки энг аввало уларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш ва аниқ натижаларга эришишга қаратиш зарур.

Ҳудудлар кенгашини доимий ҳамкорлик механизми сифатида ривожлантириш, раҳбарлар даражасида келишувларга эришиш билан аниқ лойиҳаларни ишга тушириш ўртасидаги муддатни қисқартириш, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликнинг мавжуд имкониятларидан янада тўлиқ фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Россия ҳудудлари раҳбарлари тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, қўшма ташаббусларга бизнес вакилларини янада фаол жалб қилиш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.

Учрашув иштирокчилари икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун зарур механизмлар ва имкониятлар мавжудлигини қайд этди. Асосий вазифалар қаторида эришилган келишувларни тизимли равишда амалга ошириш, истиқболли ташаббусларни аниқ лойиҳаларга айлантириш ва уларни ишга туширишни жадаллаштириш белгиланди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни янги амалий лойиҳалар ва ташаббуслар билан тўлдириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.