Иқтисод

Ўзбекистонда пенсия тизимини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистонда пенсия тизимини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистонда пенсия тизимини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 29 сентябрь куни Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда пенсия ислоҳотининг кейинги йўналишлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Учрашувда ХМТ Ижтимоий ҳимоя департаменти актуар хизматлар бўлими раҳбари Андре Пикар, ХВЖ Бюджет масалалари департаменти катта иқтисодчиси Чаба Фехер ва Жаҳон банкининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича катта мутахассиси Химанши Жейн иштирок этди.

Иштирокчилар халқаро тажриба ҳамда Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий хусусиятларини инобатга олган ҳолда пенсия тизимини янада такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқди.

Пенсия тизимининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш, пенсия ҳуқуқларини шакллантириш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолини пенсия тизими билан қамраб олишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, жамғариб бориладиган таркибий қисмни ривожлантириш ва пенсия тизимини демографик ўзгаришларга мослаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида томонлар пенсия тизими архитектурасини такомиллаштириш, жумладан, турли пенсия компонентларини уйғунлаштириш бўйича эҳтимолий ёндашувларни кўриб чиқди.

Бундан ташқари, пенсия жамғармаларини бошқариш, индивидуал пенсия ҳисоб рақамларини ривожлантириш, инвестиция механизмлари ва пенсия активларини бошқаришга институционал ёндашувлар масалалари бўйича фикр алмашилди.

Учрашув якунида иштирокчилар пенсия ислоҳотининг кейинги йўналишларини муҳокама қилди ҳамда актуар, молиявий ва ижтимоий жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда экспертлик ҳамкорлигини давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.