Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида энергетика соҳаси учун замонавий ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган NURA Electric янги корхонаси ишга туширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабар берди.
Корхона Марказий Осиёда энергетика соҳаси учун электр куч қурилмаларини ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳалардан бирига айланди.
Корхонанинг ишга туширилиши ускуналар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар доирасида бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев, Энергетика вазири Шерзод Ходжаев, энергетика тизими акциядорлик жамиятлари раҳбарлари, маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Корхонада электротехника маҳсулотларининг 1 500 турини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Ўртача маҳаллийлаштириш даражасини 60 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши 1 000 та янги иш ўрни яратиш ва ички бозор учун қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш имконини беради.
Ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар Ўзбекистон энергетика соҳасининг эҳтиёжларини қондириш учун ишлатилади. Шунингдек, корхона маҳсулотларни МДҲ ва Европа мамлакатларига экспорт қилишни режалаштирмоқда.