Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Жаҳонгир Мамажонов Хитойнинг Аньхой провинцияси губернатори ўринбосари Сунь Юнь билан учрашди. Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперацияси ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Учрашувда автомобилсозлик, агротехнологиялар, логистика, «яшил» энергетика ва замонавий технологиялар соҳаларида ҳамкорлик қилиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон томони Тошкент вилоятида кўп функцияли саноат парки ҳамда замонавий қишлоқ хўжалиги технологиялари намойиш паркини ташкил этиш бўйича таклифларни тақдим этди. Шунингдек, Хитой компанияларини янги инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди.
Томонлар мунтазам равишда бизнес-форумлар, B2B учрашувлар ва ўзаро ишбилармонлик ташрифларини ўтказиш, шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олди.
Ташриф доирасида Аньхой провинциясининг иқтисодиётидаги янги тармоқлар, трансмиллий корпорациялар фаолияти, Аньхой — Гонконг — Макао саноат ҳамкорлиги, шунингдек, Аньхой, Кот-д’Ивуар ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларга бағишланган конференциялар ҳам бўлиб ўтди.
Аньхой Хитойнинг йирик саноат ва инновация марказларидан бири ҳисобланади. Провинция иқтисодиётининг асосий йўналишлари қаторига автомобилсозлик, янги энергетика, юқори технологияли ишлаб чиқариш, сунъий интеллект ва замонавий ускуналар ишлаб чиқариш киради.