Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров 18 сентябрь куни Осиё тараққиёт банки (ОТБ) вакиллари билан гендерга йўналтирилган бюджетлаштиришни ривожлантириш масалаларига бағишланган учрашув ўтказди. Томонлар амалга оширилаётган ишлар, вазифалар ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси хабар берди.
Учрашувда таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида гендерга йўналтирилган ёндашувларни янада қўллаш муҳимлиги таъкидланди. Давлат органлари ходимларининг ушбу йўналишдаги билим ва кўникмаларини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар, шунингдек, давлат хизматчилари учун амалий ва фойдаланишга қулай бўлган гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш бўйича қўлланма ишлаб чиқиш масаласини кўриб чиқди. Ҳужжатда ушбу ёндашувнинг мазмуни, мақсадлари ва асосий тамойиллари тушунтирилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш, шунингдек, гендерга йўналтирилган бюджетлаштиришни ривожлантириш бўйича амалий Йўл харитасини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар амалдаги икки йиллик стратегия ва Ўзбекистонда шу кунга қадар амалга оширилган ишлар асосида кейинги чора-тадбирларни белгилашга келишиб олди.
Шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда халқаро ташкилотлар билан ишчи учрашувлар ташкил этиш режалаштирилмоқда.