Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 16 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллойоров Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасин билан учрашди.
Томонлар ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ислоҳотлар ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
Учрашувда Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган ташаббуслар, жумладан, Ижтимоий ҳимоянинг ягона реестрини такомиллаштириш, «Ижтимоий суғурта тўғрисида» ва «Ижтимоий иш тўғрисида»ги қонунларни қабул қилиш, шунингдек, INSON лойиҳасини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Лойиҳа доирасида томонлар ижтимоий хизматлар марказларини жиҳозлаш, инклюзив мактаблар ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун уй-жойлар қуриш масалаларини кўриб чиқди.
Шунингдек, Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган «Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли ривожланиш сари» Жаҳон саммитига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар, шунингдек, JSDF лойиҳасини амалга ошириш, адаптив ижтимоий ҳимоя соҳасидаги қўшма ташаббуслар ҳамда 2027 йил март ойида Ўзбекистонда South-South IX форумини ўтказишга тайёргарлик масалаларини кўриб чиқди.
Учрашув якунлари бўйича ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида тегишли лойиҳа доирасида ташкил этилган объектларга биргаликда ташриф буюриш бўйича келишувга эришилди.