Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жанубий Кореяга амалий ташриф доирасида Тиббий ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов оғиз орқали қабул қилинадиган фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи етакчи корейс компанияларидан бирининг раҳбарияти билан учрашди. Бу ҳақда Тиббий ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги хабар берди.
Томонлар Ўзбекистон фармацевтика саноатини ривожлантириш, замонавий ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш ва илғор корейс тажрибасини мамлакат фармацевтика соҳасида қўллаш масалаларини муҳокама қилди.
Фармацевтика маҳсулотларини маҳаллийлаштириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳамда маҳсулотларни минтақавий бозорларга экспорт қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Абдулла Азизов компания вакилларига Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар, «BioPharma City» фармацевтика кластери лойиҳаси, шунингдек, ишлаб чиқариш лойиҳаларини «нолдан тайёр маҳсулотгача» тамойили асосида амалга ошириш имкониятлари ҳақида маълумот берди.