Ўзбекистон

Ўзбекистон вакиллари WTIS-26 симпозиумида иштирок этди

Ўзбекистон вакиллари WTIS-26 симпозиумида иштирок этди
Ўзбекистон вакиллари WTIS-26 симпозиумида иштирок этди / Фото: Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги вакиллари 7–8 сентябрь кунлари Женевада бўлиб ўтган Электр алоқаси ва АКТ соҳасидаги жаҳон кўрсаткичлари бўйича 21-симпозиум — WTIS-26 тадбирида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.

Симпозиумнинг асосий мавзуси рақамли сиёсатни шакллантиришда статистик маълумотларнинг ролига бағишланди. Иштирокчилар тез ўзгараётган рақамли муҳит шароитида маълумотлардан самарали фойдаланиш, далилларга асосланган ёндашувларни қўллаш, шунингдек, рақамли трансформацияни ўлчашнинг янги усулларини муҳокама қилди.

WTIS-26 дастуридан рақамли инклюзия, маълумотларнинг янги манбаларидан фойдаланиш, расмий статистикада сунъий интеллектни қўллаш ва рақамли трансформация барқарорлигини баҳолаш масалалари ўрин олди. Шунингдек, давлат сиёсати ва расмий статистикани шакллантиришда сунъий интеллект ҳамда мобиль маълумотлардан фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Тадбир доирасида ITU Data Hackathon натижалари тақдим этилди. Иштирокчиларга рақамли тафовутни аниқлаш, рақамли алоқа билан боғлиқ яширин муаммолар мавжуд ҳудудларни белгилаш ҳамда универсал ва мазмунли рақамли уланишни таъминлашга қаратилган маълумотларга асосланган ечимлар намойиш этилди.

Симпозиум Халқаро электр алоқа иттифоқининг (ITU) Электр алоқаси/АКТ кўрсаткичлари бўйича экспертлар гуруҳи (EGTI) ҳамда Уй хўжаликларида АКТ кўрсаткичлари бўйича экспертлар гуруҳи (EGH)нинг йиллик йиғилишлари билан кетма-кет ўтказилди.

9–11 сентябрь кунлари бўлиб ўтган EGH ва EGTI йиғилишларида АКТ соҳасидаги кўрсаткичларни такомиллаштириш, янги индикаторларни ишлаб чиқиш ва 2027 йил учун иш йўналишлари муҳокама қилинди.

Хусусан, иштирокчилар уй хўжаликларида сунъий интеллектдан фойдаланишни ўлчаш, сунъий йўлдош тизимлари орқали кенг полосали интернетга уланиш кўрсаткичлари, АКТнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш, сунъий интеллект инфратузилмаси, маълумотларни рақамли визуализация қилиш ва GIS воситаларидан фойдаланиш масалаларини кўриб чиқди.

WTIS — Халқаро электр алоқа иттифоқи томонидан рақамли ривожланишни ўлчаш, рақамли сиёсатни шакллантиришда статистик маълумотлардан фойдаланиш ва АКТ соҳасидаги кўрсаткичларни такомиллаштириш масалаларига бағишланган халқаро тадбир ҳисобланади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.