Иқтисод

Самарқандда йўл безорилиги содир этган ҳайдовчи ушланди

Самарқандда йўл безорилиги содир этган ҳайдовчи ушланди
Самарқандда йўл безорилиги содир этган ҳайдовчи ушланди / Фото: Сурат сунъий интеллекти ёрдамида яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқандда 8 сентябрь куни кечқурун йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, саккиз нафар пиёданинг ҳаётига хавф туғдирган Malibu-2 автомобили ҳайдовчиси ушланди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.

Ҳодиса тахминан соат 22:20 да Мирзо Улуғбек кўчасида содир бўлган. Ҳайдовчи пиёдаларга йўл бермасдан, ҳаракатини давом эттирган ва йўл безорилиги содир этган.

Текширув тадбирлари давомида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари автомобиль ва унинг ҳайдовчисини аниқлади. Эркакка нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг йўл безорилиги учун жавобгарликни белгиловчи 128-10-моддаси биринчи қисми асосида маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Ҳайдовчи билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Тўпланган материаллар Самарқанд шаҳар жиноят ишлари бўйича судига юборилади.

Ҳайдовчининг айтишича, у шошилган ва гўёки автомобиль тормозлари ишламагани ссабабли учинчи йўлакка ўтиб кетган. Пиёдаларни уриб юбориш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги саволдан сўнг эркак улардан ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларидан узр сўраган, қилган ишидан пушаймонлигини билдирган ва келгусида бундай қоидабузарликларга йўл қўймасликка ваъда берган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳайдовчиларни йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишга ҳамда пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган фуқароларга нисбатан айниқса эътиборли бўлишга чақирди.

Идора, шунингдек, йўл безорилигини содир этиш белгиланган муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилишга олиб келиши мумкинлигини эслатди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.