Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 10 сентябрь куни Бельгиянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Матиас Кенденинг ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилди.
Учрашувда томонлар Бельгия Элчихонасининг Тошкентда ўз фаолиятини бошлаши икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистон ва Бельгия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар муносабатларни икки томонлама даражада, шунингдек, Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлиги доирасида ривожлантиришни давом эттиришга тайёр эканини тасдиқлади.
Бахтиёр Саидов Матиас Кендега Ўзбекистондаги дипломатик фаолиятида муваффақиятлар тилади.