Ўзбекистон ва Сингапур адлия соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов ва Сингапур адлия вазири Эдвин Тонг 27 август куни Singapore Convention Week 2026 доирасида музокара ўтказиб, икки мамлакат ўртасида ҳуқуқий ислоҳотлар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Томонлар адлия тизимлари ўртасидаги ҳамкорликни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш ва мунтазам тажриба алмашишни йўлга қўйишга келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлиги хабар берди.
Музокаралар Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов бошчилигидаги делегация иштирокида бўлиб ўтди. Томонлар келгусидаги ҳамкорликнинг бир қатор амалий йўналишларини кўриб чиқди.
Шундай йўналишлардан бири тўловга қобилиятсизлик ва банкротлик соҳасидаги ҳамкорлик бўлади. Ўзбекистон Сингапурнинг замонавий қонунчилик моделини ва бизнесни молиявий соғломлаштириш амалиётини ўрганишни режалаштирмоқда.
Legal Tech ва сунъий интеллект масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар юридик хизматларни рақамлаштириш ва ҳуқуқий жараёнларга замонавий технологияларни жорий этиш соҳасида тажриба алмашишни режалаштирмоқда.
Яна бир йўналиш медиация ва арбитражни ривожлантириш бўлади. Низоларни судгача ва муқобил тарзда самарали ҳал этиш механизмлари бўйича биргаликда ишлаш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги ҳуқуқий ислоҳотларга сингапурлик мутахассисларни эксперт сифатида жалб қилиш режалаштирилмоқда. Томонлар, шунингдек, конференциялар ва форумларни биргаликда ўтказиш, стажировка дастурларини ташкил этиш ниятида.
Учрашув якунлари бўйича икки мамлакат вакиллари эришилган келишувларни аниқ амалий лойиҳаларга айлантириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олди.
Ҳамкорлик илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва уни Ўзбекистон ҳуқуқий тизимига мослаштириш, шунингдек, замонавий, самарали ва қулай юридик хизматларни янада ривожлантиришга қаратилган.